Баъзан, халқимизнинг кўзга кўринган, обрўли фарзандлари айтган бир оғиз гап ҳам миллатнинг қаддини кўтаради.
Бундан атиги бир неча йил аввал ўрисларнинг Георгий, яъни Жорж тантаналар залида Ўрусия Федерацияси президенти Путин ўзбек миллиардери Алишер Бурхонович Усмоновга Россия олий нишонини топширган пайт шундай унутилмас тарихий воқеа юз берди.
Алишер ака мукофот учун миннатдарчилик билдирар эканлар:
-Ҳурматли президент, менга берилган мукофот учун миннатдорчилик билдириш билан бирга шуни ҳам таъкидлашни истардимки, менинг ота -боболарим ўзбек экани ва менинг томирларимда ўзбек қони жўш ураётгани билан фаҳрланаман! -дедилар.
XV асрда ҳазрати Амир Алишер Навоий "туркий тил шу қадар қашшоқки, унда нафақат Хамса, балки ғазал ҳам ёзиб бўлмайди" дея она тилимизни камситгувчи айрим кимсаларни ҳайратда қолдириб, ўзбек тилида лирик ғазаллар тўплами -"Ҳазоинул маоний" девонини ва беш достондан иборат "Ҳамса"ни ёзиб, фасод аҳлининг оғзига урган бўлсалар, дунёни ўзининг тадбиркорлиги билан забт этган миллиардер Алишер Усмонов бир оғиз айтган гапи билан бутун дунё кўзи ўнгида, тантаналар залига йиғилган Ўрус сиёсий элитаси олдида Ўзбекнинг қадрини, қаддини кўтарди, элимиз юрагини фахру ифтихорга тўлдирди, халқимиз берган тузни оқладилар.
Ковид пандемияси сабаб халқимиз бошига кулфат тушган маҳал, ватанга қайтиб, тахликали замонларда Мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев ёнларида туриб, эл саломатлигини сақлаб қолиш йўлида ўзининг юз миллион доллар атрофидаги маблағларини беминнат сарф этдилар.